Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш, ердан мақсадли фойдаланилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона ҳамда самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ, аксарият ҳолларда, фуқаролар томонидан ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Ўтказилган ер назорати тадбирлари натижасида 2024 йилнинг 1 февраль ҳолатига 191 та ҳолатда 182,9 гектар ер майдонидан ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланди. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлик ҳолати таҳлил қилинганда, ер майдонларининг 173,2 гектарини қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган, 4,1 гектар қисмини аҳоли пункти, 2,5 гектар ўрмон фонди ерлари, 1,9 гектар қисмини сув фонди, 0,7 гектарини захира ҳамда 0,5 гектарини саноат, транспорт, алоқа ва бошқа йўналишлардаги ерлар ташкил этади.
Бундан ташқари, бошқарма тизимида фаолият юритиб келаётган инспекторлар томонидан ўтган вақт оралиғида ер ва кадастр соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун 1 минг 84 ҳолатда фуқароларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланган. Олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан фуқаролар томонидан ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш ва ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.
Кадастр органлари ходимлари томонидан албатта бундан кейинги даврларда ҳам прокуратура, суд органлари, солиқ идоралари, мажбурий ижро бюроси каби тегишли соҳа вакиллари билан ҳамкорликда ер назорати тизимида амалий ишлар олиб борилади.
Н.МАМАСИЯЕВ,
Кадастр агентлиги
Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари.