МАЗМУНЛИ УМР

Жиззахдаги “Тўптолобод” қишлоғида Ҳамид Худойбердиевни каттадан-кичигигача ҳурмат қилади. У бўш вақтида маҳаллада бўлаётган янгиликларни билиш учун МФЙ идорасига бориб, фаоллар ва тенгдошлари билан суҳбат ўтказади. Йиғилишларда ўз фикрини билдиради. Жиззах вилояти ташкилотларида бир умр раҳбарлик вазифаларида ишлаган отаси Абдували бобо ва оналари Мадина аянинг тавсияси ва ўзининг севган касбига қизиқиши туфайли Жиззах қурилиш трестига қарашли 14-қурилишни механизациялаш колоннасига қурувчи бўлиб ишга киради. Шу йилнинг ўзида Тошкентдаги Абу Райҳон Беруний номидаги Полтехника институтининг қурилиш факультетига сиртқи бўлимига ўқишга киради. 

Олийгоҳни битириб, қурилиш соҳасида анча тажриба орттирган Ҳамидни раҳбарлар 1977 йилдан Жиззах қурилиш трестига қарашли и 104-қурилишни механизациялаш колоннасига участка бошлиғи вазифасига ишга қабул қилишади. Унинг раҳбарлигида ўшапайтдаги колхозларда 4 хонали замонавий уйлар қурилди. Шу соҳада 18 йил фаолият кўрсатиб, бир қатор эсдалик мукофотлари ва Фахрий ёрлиқларга сазовор бўлди. 

У тарбиялаган шогирдлари  Эркин Умаров, Бекмурод Бўронов  ва Раҳмонқул Бердиев бугунги кунда вилоятнинг турли қурилиш ташкилотларида масъул вазифаларда фаолият юритишмоқда.

1995 йили Ҳамид янги қурилиб битаётган Жиззах Пластмасса заводига ишга таклиф этилади. Завод директори Ҳайдар Хусанов уни қайта таъмирлаш бўлими бошлиғи вазифасига тайинлайди. Унга Алиакбар Сулаймонов, Ходи Мажидов устозлик қилиб, бирга ишлашди. Самарали меҳнатлари учун бир неча бор тақдирланди.

“Тўптолобод” МФЙ раиси, ҳожи она Қумри Пирназарова Ҳамид ака тўғрисида қуйидагиларни гапириб берди:

-Маҳаллада ўтаётган бирор тадбирни Ҳамид акасиз тасаввур қилмаймиз. Кам таъминланган оилалар тўй қиладиган бўлса, молиявий ёрдамини аямай, маъракага ўзи бош бўлиб ўтказади. Ҳамид ака маҳалламизнинг обрўси. Уни каттаю кичик ҳурмат қилади. Айниқса, фарзандларининг меҳнатсеварлиги, жамоат ишида фаоллиги учун бу оила доимо ардоқда. Бундай оиладаги камтарин инсонлар доимо элу юрт дарди билан яшаб келмоқда. Биз ёшларнинг устози, маҳалладошимиз, маслакдошимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз...

Ҳар бир байрамда шогирдлари Ҳамид акани йўқлаб, фойдали насихат ва маслаҳатларини олиб кетишади. Шогирдларининг кўпчилиги республикамизнинг турли вилоятларида масъулиятли вазифаларда самарали меҳнат қилишмоқда.

Маҳалла фаоли Ҳамид Худойбердиев турмуш ўртоғи Норбодом ҳожи ая билан 6 нафар фарзандни ўқитиб тарбиялашди. Ўғли Шарофжон вилоят “Сувоқава” бошқармасида бўлим бошлиғи, Рустам ва Шерзод тадбиркор, Озод темир йўлда масъул ва қизи Муътабар тикувчи бўлиб ишлашади. Бугунги кунда Ҳамид ака Норбодом ая билан 18 невара ва 4 нафар чеваранинг севимли бобожониси ва бувижониси сифатида бахтли ҳаёт кечиришмоқда.

Шу йил ноябрь ойининг бошида Ҳамид Худойбердиевнинг муборак 70 ёшини ва Норбодом ҳожи ая билан турмуш қурганлигининг ярим асрлик юбилейини нишонлаётган устознинг оиласига бахт-саодат ва фаровон ҳаётига ривож тилаб қоламиз.

 

Ортиқ САИДОВ.


Авторизация