ҲУРЛИК ТУЙҒУСИ

Оқибатини ўйланмасдан босган қадамим яхшилик билан тугамади. Менинг билиб билмасдан жиноят кўчасига кириб қолишимга аввало ўзимнинг билимсизлигим сабаб бўлди, десам тўғрироқ бўлади.  Энг ёмони, ўзим билан бирга оила-аъзоларим, яқинларимни ҳам юзини шувут қилдим. Шундай бир пайтда мен каби адашганларни кечириш, тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганларни байрам кунларида афв этилиши фақат бизнинг миллатимизга, қолаверса муҳтарам юртбошимизга хос фазилат, бағрикенглик намунаси бўлса керак.  

Ўзим Жиззах шаҳрида туғилганман. Ёшим 23 да. Қилган жиноятим учун 3 йиллик жазо тайинланган бўлиб, ҳали ўталмай қолган 1 йил 9 ой муддатим бор эди. Президентимиз Фармонига кўра ана шу муддатга амнистия қўлланилди. Бугун қилган номақбул ишларимдан, хатоимдан чин дилдан пушаймонман, ўзим учун хулоса чиқардим. 

Жиззахдаги жазони ўташ колониясида бугун мен билан бирга яна 10 нафар маҳкумлар озодликка чиқарилиб, айни пайтда оиламиз бағрига қайтмоқдамиз. Ишонтириб айтаманки, биз ҳозир Ватан, оила, ҳурлик деган туйғуларни янада теранроқ ҳис қилиб турибмиз. Бу юртда инсон омили, унинг манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигига гувоҳ бўлиб, келажакда фарзандларимизни тўғри йўлда тарбиялаб, шу элга астойдил хизмат қиладиган салоҳиятли кадрлар бўлиб етишишларига ҳисса қўшамиз.

 

Бекзод Эргашев,

(Жиззах вилояти)


Авторизация