"Менинг Конституциям 32 ёшда"

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 32 йиллиги олдидан Жиззах вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди ходимлари ўртасида оммавий диктант ёзиш ва Бош қомусимизга оид саволларга жавоб бериш бўйича ўзига хос мусобақа уюштирилди.

Президентимизнинг жорий йил 17 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Менинг Конституциям 32 ёшда!” шиори остида Шароф Рашидов номидаги Жиззах вилоят ахборот-кутубхона марказида ташкил этилган ушбу тадбирда суд аппарати ходимлари фаол иштирок этди.

Мусобақа қатнашчилари “Менинг Конституциям ва давлат тилим” мавзусида диктант ёзиши асносида янги таҳрирдаги Бош қомусимизнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни, бугунги кунда юз бераётган ўзгаришлар, қўлга киритилаётган ютуқларнинг бош омили эканлиги тўғрисидаги саволларга жавоблари орқали бу борадаги билимларини синовдан ўтказишди.  

Ёзилган диктант ва Конституциямиз тўғрисидаги саволларга берган жавоблари ижобий баҳоланиб, ғолиб бўлган суд ходимлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллик байрами арафасида эълон қилиниб, Жиззах вилоят судининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Тадбир вилоят ахборот-кутубхона маркази маъмурияти томонидан суд ходимлари учун муассаса бўйлаб экскурсия ташкил этиш билан якунланди. Иштирокчиларга замонавий кутубхонанинг барча қулайликлари, ўқув заллари, у ердаги “Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонаси” жавонидан ўрин олган энг сара адабиётлар ҳамда бу ноёб асарларни ўқиш имкониятлари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.  

Конституция куни олдидан ўтказилган тадбир барчада чуқур таассурот қолдирди.

 

А.Қаюмов

 

 


Авторизация