Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалида янги бўлим иш бошлади.
Мазкур Ангиография бўлими 700 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағи эвазига реконструкция қилиниб, бу ерда фуқароларга энг биринчи, сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун замонавий шароитлар яратилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ушбу бўлимда коронорография, юрак тож томирларини стентлаш ва тромбларни олиб ташлаш, электрокардиостимулятор ўрнатиш, бош мия қон томирларини стентлаш ва тромбларни олиш, буйрак артерияларини стентлаш, оёқ қон-томирларини стентлаш ва кенгайтириш, бачадон миомасини эмболизация қилиш каби тиббий амалиётлар олиб борилади.
- Бугунги кунда вилоятда 50 ёшдан катта аҳолининг 25-30 фоизи юрак ишемик касаллиги билан диспансер назоратида туради, - дейди Ангиография бўлими бошлиғи Шаҳзод Асқаров. - Шуниси аҳамиятлики, аҳолининг жуда кўп қисми марказга юрак ишемик касаллиги сабабли биринчи ёрдам олиш мақсадида мурожаат қилади. 2023 йил мобайнида юрак хуружи билан тушган 116 нафар беморнинг 37 нафарида эрта диагностика қилинмаганлиги сабабли миокард инфаркти ташхиси қўйилган. 201 нафар бемор ушбу касаллик билан мурожаат қилган бўлса, уларнинг 57 нафарида биологик ўлим қайд этилган. Келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олди олинишига умид қиламиз.
Бўлимга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 550 000 АҚШ доллари эвазига Ангиография тиббий ускунаси келтириб, ўрнатилди. Мазкур ускунадан самарали фойдаланиш мақсадида Марказга 1 нафар тажрибали интервенцион кардиолог шифокор жалб қилинди, Марказнинг 2 нафар шифокори махсус курсда ўқитилди, 3 нафар ўрта тиббий ходими Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Ангиография бўлимида малака ошириб келди. Айни кунларда яна 2 нафар шифокор ходим малака ошириш институтида ўқитилмоқда.
Мазкур бўлим фаолият кўрсатиши натижасида бир йилда 100 дан ортиқ миокард инфаркти ўз вақтида, 300 дан зиёд инфарктолди ва инфаркдан кейинги ҳолатдаги беморлар ҳамда 100 дан ортиқ ишемик инсультлар билан оғриган беморларга юқори технологик ёрдам кўрсатиш имконияти яратилади. Шунингдек, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларидаги соҳа мутахассислари билан телемедицина йўлга қўйилади.
Саид Донишев