ҚИШГА ТАЙЁРМИСИЗ?

Кечаги ёққан икки кунлик ёмғир ва унинг ортидан келган бироз паст ҳарорат кўпчиликни сергак торттириб қўйгани бор гап. Тўғрида, олдинги йиллари куз-қиш даврининг анча оғир келганлиги, барчамизни ташвишга солиб қўйганлиги, соҳа ходимларининг мавсумга ўз вақтида пухта ҳозирлик кўрмаганликлари ҳали ёдимиздан кўтарилганича йўқ. Хўш, бу йилчи? Бу йил куз-қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрилди, уни беталофат ўтказа оламизми? Саволларга Жиззах вилояти мисолида жавоб излаб кўрамиз.

Вилоятда жами 42 908 та хонадондан иборат 2448 та кўп квартирали уй-жойлар мавжуд бўлиб, шундан, 2307 та кўп квартирали уйларга вилоятдаги 32 та бошқарув компаниялари, 141 та уй-жойларга эса бошқа идора ва ташкилотлар томонидан хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Бошқарув ташкилотларида 24/7 режимда ишловчи диспетчерлик хизматлари ташкил этилган бўлиб, улар томонидан кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатиш, авария ҳолатларини бартараф этиш ишлари учун керак бўладиган жами 850 дан зиёд ҳар хил турдаги моддий техника воситалари базаси яратилган.

Мавжуд кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида 145 та уйларда мулкдорлар маблағи ҳисобидан иш турларига кўра қарийб 2,0 миллиард сўмлик мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Бунда, 68 та уйларнинг том, 254 та кириш йўлаклари, 476 та электр тақсимловчи ускуналар, 15 та уйларнинг ертўла ва уй ички муҳандислик коммуникациялари, 8 та уйларнинг фасад қисмларини таъмирлаш, 38 та кодли темир эшиклар, 34 квадрат метр фрамуга ромлар ҳамда 707 та энергия тежамкор лампаларни ўрнатиш ишлари амалга оширилди.

Жумладан, Жиззах шаҳридаги “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 66 та кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи “Иттифоқ истиқлол сари” МЧЖ томонидан 30 га яқин уйларнинг 108 та кириш йўлаклари қарийб 800 миллион сўм маблағ эвазига таъмирдан чиқарилган бўлса, “Заргарлик” маҳалласидаги мавжуд 53 та турар-жойда яроқсиз ҳолга келиб қолган томларни таъмирлаш жараёни давом этяпти.

-Ҳудудда электр таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 1406,6 километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 447 дона трансформатор пунктлари, 3 дона 35-110 кВ кучланишли трансформаторлари ва 24 дона 35-110 кВ кучланишли ўчиргичлар мукаммал таъмирланди, - дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Жиззах ҳудудий филиали ишлаб чиқариш техника хизмати бошлиғи Улуғбек Бегимқулов. -Филиалимиз томонидан истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида барча шаҳар ва туман электр тармоқлари корхоналаридаги 509 нафардан зиёд ходимлардан иборат 100 та тезкор бригадалар, 100 та автомашина ва 33 та махсус автомашиналари шай ҳолатга келтирилган. 

Айни пайтда Шароф Рашидов туманининг чекка ҳудудлари ҳисобланган “Учқиз” ва “Равот” маҳалларида электр таъминотини яхшилаш мақсадида эскирган ва муддатини ўтаб бўлган жами 72 дона симёғочларни темир-бетон устунларга алмаштириш ишлари олиб борилмоқда. 

Газ таъминоти бўйича тўхталадиган бўлсак, вилоятда жами 303 596 та шундан, 300 571 нафар аҳоли ва 3 025 нафар улгуржи истеъмолчи мавжуд бўлиб, аҳолининг 173 113 нафари табиий ва 127 458 нафари суюлтирилган газдан фойдаланади. Ушбу  истеъмолчиларга 5 926,7 километр газ қувури, 4 594 та газ  тақсимлаш пункти ҳамда 136 032 та маиший газ баллони орқали хизмат кўрсатилади. 

-Ўтган куз-қиш мавсумида табиий газ таъминотида юзага келган муаммоли ҳолатлардан хулоса қилиниб, бу йил 57 та маҳалладаги 19,6 минг аҳоли хонадонининг газ таъминоти яхшиланди. Вилоятдаги 168,297 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари АСКУГ тизими билан тўлиқ қамраб олинди ва 65,3 мингта ҳовли-уйларнинг газ таъминоти замонавий - икки босқичли янги газ таъминотига ўтказилиб, технологик йўқотишлар ҳажми 295,4 миллион куб метрга қисқартирилди. Бироқ, йиллик режа бўйича жорий йил давомида 2 босқичли газ таъминоти тизимига ўтказиладиган хонадонлар сони 35 576 тадан ҳозирча 25 328 тани ташкил қилиб, бу кўрсаткич 71 фоизга бажарилди, - дейди “Ҳудудгаз Жиззах” филиали директор ўринбосари – бош муҳандис Баҳодир Холиқов.

Шунингдек, тизимда ҳали Дўстлик тумани “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Янги Ўзбекистон” массивини, Жиззах шаҳар “Саноат-Б” ҳудудида ташкил этилаётган “Жиззах” кимё-индустриал технопаркини газлаштириш, бундан ташқари 2024 йилнинг “Манзилли дастур”ига асосан 14,4 километр газ қувурларини реконструкция қилиш ишларини якунига етказиш, табиий газ тармоғи бормаган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини суюлтирилган газ билан тўла таъминлаш лозим.

Худди шунингдек, икки кунлик ёғингарчилик электр тармоқлари корхонасининг мавсумга нечоғли тайёр эканлигини кўрсатиб қўйди. Шаҳарда соатлаб, туманларда кунлаб электр энергиясида узилишлар кузатилди. Ёғин-сочинли, шамолли кунлар келаверса, аҳоли “юрагини олдириб қўйган”. Ахир, тўловини олдиндан қилиб қўйгандан кейин, уларнинг сифатли хизматни талаб қилишга ҳам ҳақи борда. Хуллас, вилоятда куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида ҳали қилиниши лозим бўлган юмушлар талайгина. 

Юқоридагиларни инобатга олиб, куз-қиш даврига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар узвийлигини таъминлаган ҳолда Жиззах вилояти аҳолисини ушбу мавсумдан беталофат олиб чиқиш чоралари кўрилмоқда. 

 

Саид Донишев


Авторизация