МЕН ҚАНДАЙ ЯШАДИМ?!

Ҳар бир инсон ортга, босиб ўтган умр йўлига назар ташлар экан беихтиёр ўзига шу саволни беради: Мен қандай яшадим? Мен яшадимми ёки кун кечириб ўтяпманми? Ўзим учун қилганларимдан ортиқ ким учундир нимадир қилолдимми? Кимгадир озгина бўлсада бахт улашолдимми?

Жиззах вилоят мусиқали драма театрида 13-сентябр куни премераси бўлиб ўтган режиссёр Шоҳрух Йўлдошев томонидан саҳналаштирилган “Монолог” драмаси қаҳрамони Василий Васильич Светловидов ҳам ўзига ана шу савол билан мурожаат қилади.

“Монолог” спектакли Рус драматурги А.Чеховнинг “Жон аччиғида” номли бир пардали драмаси асосида саҳналаштирилган. Ушбу асар 1887 йилда ёзилган бўлиб, ўша даврда театрда ижод қилиб умрининг охиригача ҳар хил роллар ижро қилган ва умри якунига етганини англаган актёр ҳақида ҳикоя қилинади.

Бош қаҳрамон театр актёрлари Ҳамроз Маҳмудов ҳамда Бахтиёр Холматов томонидан маҳорат билан ижро этилган. Актёрларнинг моҳирона ижроси сабаб томошабин 68 ёшли Василий Светловидов ярим кечаси театрда уйғонганини кўради. Декорация воқеалар Жиззах театрида эмас, айнан ўша даврда рус театрида бўлаётганига ишонтиради. Василий саҳнага чиқиб ўтган умрини сарҳисоб қила бошлайди.

Театрга бўлган муҳаббат сабаб қалбининг тубида яшириниб ётган аламли дардларини, ўтмиш кечинмаларини бирин-кетин чиқариб юбормоқчи бўлади. У “мен қандай яшадим?”, - деган саволга жавоб ахтаради. Саҳнада кечган ширин ва аччиқ дамларини эслашга уринади. Бу кечинмаларни кузатиб турган томошабин беихтиёр актёрга қўшилиб дам кулади, дам йиғлайди.

Гоҳида ҳиссиётлар алангасида ёнса, гоҳида муҳаббат шаробидан маст бўлади. Хаёлан босиб ўтган умрини ижро қилади. Ҳар хил образларга киради, яна яшагиси, қувонгиси келади(кимнинг ҳам бахтли лаҳзаларни такрор яшагиси келмайди?!) Ёшлигини қайтармоқчи, хатоларни тузатмоқчи бўлади. Аммо ёшлик қайтармиди? Агар бунинг имкони бўлганида эди, ҳеч ким хато қилишдан қўрқмаган бўлар эди.

Спектакл томошаси тугаганидан сўнг ҳам унинг таъсири киши руҳини тарк этмайди. Беихтиёр мен қандай яшадим деган савол билан ўзини ўзи таҳлил қила бошлайди. Спектаклнинг муваффақияти, режиссёр ҳамда ижодий жамоанинг ютуғи ҳам аслида мана шунда. Хўш, сиз қандай яшадингиз, қандай яшаяпсиз?

 

Чарос ЁҚУБОВА,

Театр адабий бўлим мудири,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.


Авторизация