ОРЗУЛАРГА ҚАНОТ БЕРГАН УЧРАШУВ

Мен 2017 йилдан бери миллий ҳунармандчилик билан шуғулланаман. Аввал рассомчиликка қизақар эдим, кейинчалик турли хил сопол, чинни каби маҳсулотларга мунчоқлар уйғунлигинида амалий санъат намуналарини яратиш бўйича янги йўналишни яратдим. Шу тариқа дастлаб 18 миллион имтиёзли кредит олиб, ўзим туғилиб ўсган Ғаллаорол туманида бу соҳани ривожлантиришга киришдим. Қишлоғимиз қизларини ёнимга олиб, уларга ҳам шу ҳунарни ўргата бошладим. Йиллар ўтиб, кўплаб кўргазмаларда, танловларда қатнашдим. Бирда ютдим, бирда...

Хуллас, Президентимизнинг вилоятимизга ташрифларини эшитиб, кўнглимдан биз каби имконияти чекланганлар билан ҳам суҳбат қилармиканлар, бизни ҳам тинглармиканлар, деган саволлар ўтганди. Қарангки, аҳоли билан мулоқот чоғида юртбошимиз Жиззах шаҳридаги кўзи ожизлар жамиятига қарашли бинодан унумли фойдаланилмаётганлиги, бу ернинг фаолиятини касаначилик йўли билан қайтадан йўлга қўйиш, ногиронлиги бўлган аҳолини шу жойда иш билан таъминлаш бўйича мулоҳазалар билдирдилар. 

Табиийки, бу мени тўлқинлантириб юборди ва ўз миннатдорчилигимни изҳор қилиш баробарида келажакда ўзимнинг ҳунармандчилик мактабимни очиш, 100 нафар атрофида ижтимоий кўмакка муҳтож ёшларга ҳунар ўргатиб, уларни кафолатли иш билан таъминлаш режам борлигини билдирдим. Мени қувонтиргани, ушбу таклифимни муҳтарам юртбошимиз инобатга олиб, Жиззах шаҳрида худди шундай марказ ташкил қилиш бўйича вилоят раҳбарларига топшириқ бердилар. 

Шу пайтгача устахонам қишлоқда жойлашганлиги учун қамров кам, имкониятлар, шароитлар кўнгилдагидек эмас эди. Эндиликда “Уста-шогирд” йўналишида олиб бораётган фаолиятимни тўла намоён қилиш имкони туғилмоқда. Кичик устахонам катта марказга айланиш арафасида турибди. Насиб қилса ушбу марказ доирасида алоҳида устахона, кўргазмалар зали, музей ташкил этиш ниятидаман. Бу табиийки, кўплаб ёшлар бандлигини таъминлаш билан бирга, юртимизда жадал ривожланиб бораётган ички туризм салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.

 

 Барно Нарзуллаева,

 ҳунарманд, II гуруҳ ногирони


Авторизация