ДАРАХТЛАР ПАРВАРИШГА МУҲТОЖ

Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2021 йил ноябрда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниб, 200 миллион туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган эди. Кузда 85 миллион дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатди. Эндиликда ҳам мазкур тадбир узвий тус олади. 

Зеро, Президентимиз уқтирганларидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экишни мақсад қилганмиз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак”.

Шу ўринда савол туғилади: ҳамма ҳам мазкур вазифани сидқидилдан бажараяптими? “Албатта, ҳа” деб жавоб беришга бироз иккиланиб турибмиз. Боиси кунда кунора ижтимоий тармоқларда дарахт кўчатларини шунчаки ерга суқиб чиқилганлиги, боз устига ниҳолларнинг илдизи талабга жавоб бермаслиги видеохабарларда яққол кўринаяпти. Ҳозирча буни қўя турайлик. Шу ишни қилганларга инсоф сўраб, гапни чўзмасдан, мақсадга ўтсак. 

Бўй кўрсатиб турган дарахтлар нафақат ҳавони тозалаш, балки шаҳримиз кўркига кўрк ҳам бағишлайди. Иссиқ, жазирама кунларда соя-салқин беради. Бироқ, уларнинг парвариши талабга жавоб бермаганлиги боис шаҳар бўйлаб кўплаб манзарали дарахтлар, айниқса арчаларнинг қуриб бораётганлигини кўриб, ачинади киши. Ваҳоланки, эндиликда экилаётган кўчатларнинг ҳам келажаги шундай бўлмасмикан, деган ғулғула ҳам тушади кўнгилга.  

Яқиндагина вилоят мусиқали драма театри олдидаги арчалар дорилаётганлигига гувоҳ бўлган эдим. Демак, дорилаш орқали арча унсимон қурти зараркунандаси бартараф этилади. Вилоят ўсимликлар карантини инспекциясининг вазифаси ҳам аслида номидан маълумки, ўсимликлар касалликларига қарши кураш саналади. Бироқ, уларнинг амалий иши кўзга ташланмаяпти. Ўйлаймизки, мазкур мулоҳазаларимиз сабаб тез кунда мутасадди ташкилотлар томонидан муаммоларни бартараф этишга киришилади. 

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

 


Авторизация