ЎЗБЕКИСТОН-ВЕНГРИЯ: МУЗОКАРАЛАР САМАРАЛИ ЯКУНЛАНДИ

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг Венгрияга расмий ташриф билан сафар қилди. Президент матбуот хизмати хабар беришича, Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон ҳамда Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнотни имзолади.

Шунингдек, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон–Венгрия стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган 15 та ҳужжат имзоланди.  Ушбу ҳужжатларда 2023–2024 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш, фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик олиб бориш ҳамда фанни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик назарда тутилган.

Айтиш лозимки, давлатимиз раҳбари Будапешт шаҳрида Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан ҳам учрашиб, “Ҳар бир тадбиркорни мамлакатимизга келиб, бугунги кунда инвестициялар учун энг яхши жой Ўзбекистон эканлигига шахсан ишонч ҳосил қилишга таклиф этаман!” дея ишбилармонларни Ўзбекистонга таклиф қилди. 

Учрашув чоғида устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма фонд ташкил этилиши ва у тез фурсатда иш бошлаши  таъкидланди. Демак, Ўзбекистон-Венгриянинг иқтисодий ҳамкорлиги янада мустаҳкамланади. Шунингдек, фақат Венгрия компаниялари учун мўлжалланган алоҳида саноат зонасини яратиш ва уни барча зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш таклиф этилганлиги ҳамда Ўзбекистон-Венгрия бизнес форумида умумий қиймати 1 млрд $дан зиёд инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзоланганлиги ҳам фикримизнинг яққол исботидир.

Музокаралар давомида божхона, адлия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги, узумчилик, инвестиция соҳаларида, Ўзбекистон давлат бошқаруви академияси ва Венгрия Давлат хизмати университети, Самарқанд вилояти ва Хайду-Бихар округи, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва Ташқи ишлар ва савдо институти, Тошкент давлат аграр университети ва Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.

Кўринадики, музокаралар дўстона, очиқ ва конструктив руҳда ўтиб, икк мамлакат учун ҳам ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштириш йўлида дадил қадам ташланди. 

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, жорий йилда Ўзбекистон-Венгрия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Келгусида ҳам ушбу ҳамкорлик узоқ йиллар самарали давом этади.

Алишер УСМАНКУЛОВ,

Жиззах политехника институти ректори,

техника фанлари доктори, профессор


Авторизация