МЕН АНГЛАГАН ҲАҚИҚАТ

Икки миллат, лекин бир халқ, деб аталувчи ўзбеклар ва тожиклар асрлар оша оға-ини бўлиб, яшаб келмоқда. Халқларимиз ўртасидаги маданий-маърифий, адабий алоқалар ҳам қадимий тарихга эга. Бугунги кунда ҳам маданий-маърифий муносабатлар ҳар қачонгидан ривожланиб бормоқда.

Ёшим саксонни қоралади. Жаннатмонанд юртимизда ўзбеклар ва бошқа мил­лат вакиллари билан бир оила аъзоларидек иноқликда яшаб келяпман. Бу ҳам мамлакатимиздаги тўғри сиёсат, эзгу ишлар самарасидир.

Миллатлараро дўстлик Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорликда ҳам муҳим роль ўйнаяпти. Масалан, жорий йилнинг апрель ойида "Китобсевар миллат" шиори остида Жиззах вилояти ахборот-кутубхона маркази ва вилоят тожик миллий маданий маркази ҳамкорлигида Янгиобод туманининг Чаканд ҳамда Фориш туманининг Ухум қишлоқларидаги ўқиш тожик тилида олиб бориладиган мактабларда маданий-маърифий тадбирлар      ўтказилди. Уларда ўзбекистонлик    ижодкорлар, маънавият тарғиботчилари қаторида Тожикистондан таклиф этилган маьнавият ва маърифат маркази фаоллари ҳам қатнашди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда турли миллатларнинг аҳил яшаётгани, албатта, она Ватанимиз тинчлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга. Ҳа, бизнинг ер ости ва ер усти бойликларимиз кўп, лекин энг қадрлиси, энг асосийси, албатта, миллат­лараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир. Зеро, турли миллат ва элат, дин вакиллари ўзаро ҳурматда, тотув яшасагина юртда осудалик, тараққиёт барқарор бўлишини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

 

Абдукарим ШАРИПОВ,

Жиззах вилояти тожик миллий маданий маркази раиси.


Авторизация