ҚИЗЛАРНИ ЎҚИТИНГ

Халқимиз орасида "Қизбола тез катта бўлади", деган гап бор. Тўғри бу нарса диний жиҳатдан ҳам, биологик жиҳатдан ҳам тасдиқланган. Лекин буларнинг барчаси жисмоний етилишнигина тасдиқлайди. Унда кенг дунёқараш, ақлий фикрлаш, манавий етукликка қачон эришилади?

Aслини олганда на йигит кишига, на қизболага нисбатан мана бу пайтда ақлий етилиш жараёни бошланади дейиш хато. Инсонда дунёқараш жамият таъсири, атроф-муҳит ва оиладаги таълим-тарбия асосида ривожланади. Қизболанинг эрта етилиши ҳақидаги гап эса "ўзбекчилик" деган ақидага бориб тақалади. Бизда қиз болалар сал кўзга кўриниб, бўйи етиб қолдими, дарров уни оила қуришга, келинликка тайёрлаш бошланади. Қиз уйида қайсидир ишни рисоладагидек қилолмаса онаси томонидан "эртага қайнонангникида ҳам қилолмасанг, тугунингни бериб ҳайдайди", каби танбеҳлар берилади. Бундай гапларни эшитиб катта бўлган қиз ўйин-кулгу, эркаликни унутади. Маъсулятни эртароқ ҳис қилади. Ҳаёт тарзини фақатгина шу қолипчадан иборат деб ўйлайди. Ваҳолангки, оила қуриш фақатгина уй юмушларини бажаришдан иборатми эмас.

"Қизбола бировнинг ҳасми, кўзи очилмасдан эгасига топшириш керак". Ҳали ўзлигини тўлиқ англаб етмаган, ўзини-ўзи ҳурмат қилишни билмайдиган қиз кимнингдир хонадонига бориб ҳурмат қозониши осонми?

Бўлажак келин борган жойида ҳамма билан тил топишиб кета олиши учун ҳам муомала маданятини билиши, жамиятга аралашиб, ўз фикрини тўлақонли етказиб бера оладиган даражада бўлиши керак.

Ҳаётда бўлиб турадиган майда муаммолардан катта жанжалларни ясамаслик, керакли пайтда жим туришни билиши учун ҳам келиндан ақл-заковат талаб этилади. Ҳозирги замонамиздаги йирик муаммолардан бири бўлган ёш оилалардаги ажримлар сонининг ортиб боришига ҳам сабаб сифатида билимсизликни кўрсатиш мумкин. Эркак ва аёл ўртасида бир-бирини тушунмаслик, ҳурмат қилмаслик, сабрсизлик қилиб, кўп уруш чиқаришларининг ортида ҳам диний ва дунёвий билимнинг етишмаслиги ётади. Қизлар бўлғуси оналар демакдир. Илмли она солиҳ фарзандларни тарбиялайди. Келажагимиз эгалари ёш авлод учун ҳам қизларни ўқитиш керак. 

Қизларнинг эркин таълим олиши шу қадар муҳим жараёнки, уни тушунтириш учун минглаб аргументлар келтиришимиз мумкин. Ота-оналардан ҳам талаб ҳам истак сифатида шуни сўрардимки, қизингизнинг улкан орзуларини унуттириш учун минг хил баҳона топманг. Уларга ҳам ўғлингизга яратиб берган шароит эшикларини очинг.

Қизларга имконият беринг!

Қизларга ишонч беринг!

Қизларга эркинлик беринг!

Қизларни ўқитинг!

 

Муслимa Пардабоева,

Гулистон давлат университети талабаси

 


Авторизация