ИҚТИСОДИЁТИМИЗ ИСТИҚБОЛЛAРИ

Зомин туманида жойлашган TRYP by Wyndham меҳмонхонасида “Жиззах–2024” халқаро савдо-иқтисодий форуми ўтказилди. 

Унда маҳаллий тадбиркорлар билан биргаликда Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикасидан вакиллар ҳам иштирок этишди. Форумда вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ҳамда инвестицион жозибадорлиги ҳақида иштирокчиларга маълумот берди. 

Жиззах вилоятида бугунги кунда қўшни Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикаси ҳамда стратегик ҳамкор давлат Хитой Халқ Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий соҳаларда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Доимий ҳамкорлик туфайли барча даражадаги мулоқот фаоллашиб, дўстлик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига асосланган ҳар томонлама манфаатли ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилаяпти. 

Кейинги йилларда Жиззах вилоятида барча соҳаларда салмоқли натижаларга эришилди. Aйни пайтда вилоят мамлакатимизнинг саноат марказларидан бирига айланиб бормоқда. Бунда асосий йўналишлар автомобилсозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, қурилиш, чарм-поябзал, мева-сабзавот маҳсулотлари, кимё саноати, металлургия кабилар ҳисобланади.

Бугунги кунда Жиззах вилоятида 250 га яқин қўшма корхоналар фаолият олиб бормоқда. Улардан 49 таси Хитой, 6 таси Қозоғистон, 7 таси Қирғиз, 2 таси Тожикистон Республикаси билан ҳамкорликда ишлаб келмоқда. 

Кейинги йилларда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ташрифлар натижасида ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилган кўплаб шартномалар имзоланди.

2024-йилнинг ўтган саккиз ойида Жиззах вилоятининг ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 320 миллион AҚШ долларини ташкил этди. Уларнинг 578 миллион доллари Хитой Халқ Республикаси, 46 миллиони Қозоғистон Республикаси, 7 миллиони Қирғиз Республикаси ва 7 миллион доллари Тожикистон Республикаси ҳисобига тўғри келади.

Форумда Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаси вакиллари ўзларининг тақдимотлари билан иштирок этдилар. Мазкур ҳудудлар билан савдо-иқтисодий меморандумлар имзоланди.

 

Комил ХОЛМУРОДОВ,

Жиззах шаҳар ҳокими


Авторизация