Ушбу ярмаркада тегишли тармоқ, уюшма ҳамда Республиканинг барча ҳудудларидан тадбиркорлар иштирок этди. Жумладан, барча вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳридан жами 200га яқин саноат корхоналари ўзларининг 3500 турдаги саноат маҳсулотлари билан қатнашишди. Мингдан зиёд корхоналар иштирокчи сифатида ярмарка иши билан яқиндан танишдилар. Кўзланган мақсад - тадбиркорлар бир-бирларининг маҳсулоти билан яқиндан танишиб, тармоқ, ҳудуд ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқаларини яратади ва натижада ўша маҳсулотлар ўзимизда ишлаб чиқарилиб, маҳаллийлаштирилади.
Элдар Афлютунов, Рақамли трансформация маркази ярмарка савдоларини ташкил этиш бўлими бошлиғи:
-Бу йил кўриниб турибдики, электро техника, фармацевтика, кимё саноати, автомобилсозлик йўналишлари Жиззах вилоятида анча ривожланган. Масалан, “BYD Uzbekistan Factory”, “ADM JIZZAKH” каби корхоналар ўзлаштираётган маҳсулотлар салмоғи анча юқори. Ҳудудий саноат ярмаркаларини ўтказишдан асосий мақсадлардан бири ҳам аслида шу. Шунингдек, йирик корхоналар ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасида коооперация алоқаларини кенгайтириш, уларни давлат харидларига жалб қилиш, маҳсулот турларини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тури ва сифатини ошириш ва энг асосийси, янги иш ўринлари яратиш бош мақсад қилинган.
Сарвар Абдуллаев, Жиззах вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича ёрдамчиси:
-Бу каби ҳудудий саноат ярмаркалари натижасида тармоқлар ҳам ўз навбатида ишлаб чиқараётган қайсидир турдаги маҳсулотларини маҳаллийлаштириш тўғрисидаги техник параметрлар, нархи, ҳажми тўғрисида керакли маълумотларни беришади. Шу билан бирга, тадбиркорлар келиб, кўриб, ўз имкониятларидан келиб чиқиб, келгуси даврда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ўз ҳисоб-китобларини олишади.
Мамадиёр Шербеков, “BMB Holding” компанияси масъул ходими:
-Бизнинг компаниямиз таркибида 30 та йўналишда корхоналар мавжуд бўлиб, шундан 5 таси қўшма корхона, қолганлари эса шуъба корхоналар ҳисобланади. Ҳар бир бизнес ҳамкор биз учун ўта муҳим. Биз нафақат шериклар, балки бизнесда ишончли ёрдамчи бўлишга интиламиз. Шу сабабли, кўплаб мижозларимиз компаниямиз билан кўп йиллар давомида ҳамкорлик қилмоқда. Бугунги анъанавий ҳудудий саноат ярмаркасига келадиган бўлсак, унда ўзимизнинг зафарондан тайёрланган 20га яқин маҳсулотимиз билан қатнашяпмиз. Қувонарлиси, мазкур йилнинг январь ойида BMB Za’faron маҳсулоти Америка Қўшма Штатлари қишлоқ хўжалиги вазирлигининг органик маҳсулот мувофиқлик сертификатига эга бўлди. Бу биз учун жуда ҳам катта ютуқ бўлди. Сабаби, энди бизда америка бозорига ҳам кириб бориш имконияти яратилди. Буларнинг барчаси бугунги сингари ўтказилаётган саноат ярмаркалари натижасидир.
Биргина Жиззах вилоятининг ўзида ўтган йили 66 турдаги, 11,9 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари маҳаллийлаштирилган бўлса, жорий йилда 80 турдаги, 12,5 триллион сўмлик маҳаллийлаштирилган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ҳудудда бугунги куннинг драйвер соҳалар бу – автомобилсозлик, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўлса, эндиликда булар қаторига логистика ҳам қўшиляпти. Бу борада МДҲ мамлакатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришни тизимли ташкил қилиш бўйича ишлар бошланган.
Саид Донишев