ЖИЗЗАХ АВТОМОБИЛСОЗЛИК МАРКАЗИГА АЙЛАНМОҚДА

   “ADM Jizzakh” енгил автомобиллар ишлаб чиқарувчи корхона вилоятнинг Шароф Рашидов тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, мазкур қўшма корхонанинг янги биноси ҳамда "Kia Sonet" автомобилининг тақдимоти ўтказилди.

   Унда сўзга чиққан вилоят ҳокими Эргаш Салиев 

   Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эътибори ва қабул қилган бир қатор қарорларига мувофиқ Жиззахда машинасозлик соҳаси тобора ривож топиб бораётганлиги, хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали кейинги йилларда вилоятда машинасозлик соҳасида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлади. 

   Дарҳақиқат, “ADM Jizzakh”корхонасида "KIA"," Chery" брендлари остида енгил автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

   Лойиҳани амалга оширишда 226 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, бугунги кунда 1 300 нафар янги иш ўринлари яратилди. Корхонада йилига 100 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқариш қуввати мавжуд бўлиб, келгусида иш ўринлари сони 3 000 нафарга етказилиши режа қилинган. 

   Корхона юқори технологияларни жалб қилган ҳолда пайвандлаш, бўёқлаш ва йиғиш жараёнларини қамраб олувчи тўлиқ ишлаб чиқариш цикли асосида ишламоқда.

   Бу ерда ишлаб чиқариладиган автомобиллар сифатини янада ошириш мақсадида Корея, Ҳиндистон ва Хитой давлатларидан малакали мутахассислар жалб этилган.

   Бу борада хорижий ҳамкорлар билан жорий йилдан бошлаб дастлаб 50 нафар муҳандислар Корея ва Хитойдаги тадқиқот ва лойиҳалаш марказларида малака оширишга юборилиши белгиланган. 

   Тадбир доирасида вилоят раҳбари Жанубий Корея Республикасидан келган тадбиркорлар билан манфаатли мулоқот ўтказди. 


 Саид Донишев


Авторизация