ҲЕЧ БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС

Давлат идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш юзасидан 16 марта ўрганиш ўтказилиб, ушбу ўрганишларда мурожаатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган муаммолар юзасидан 45 та таҳлил тайёрланди. Ижро интизомини яхшилаш бўйича 16 та таклиф киритилди. Мурожаатлар билан ишлашдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича давлат идораларига 35 та огоҳлантириш ва кўрсатмалар, жиддий камчиликларга йўл қўйган масъул идораларга нисбатан 8 та таклиф киритилди. Камчиликка йўл қўйган 10 нафар ижро идораси раҳбари ва ходимларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди. 

Шунингдек, секторлар фаолиятини ўрганиш юзасидан ҳам 13 маротаба мониторинг ишлари ўтказилиб, тегишли кўрсатмалар ижро учун юборилди.

МАКТАБ ИЧИМЛИК СУВИ

БИЛАН ТАЪМИНЛАНДИ

Шаҳардаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактабининг директори Дилором Расулова мактабда мавжуд бўлган ичимлик суви таъминотидаги муаммо юзасидан Халқ қабулхонасига мурожаат қилди.

Халқ қабулхонасининг ташаббуси билан "Жиззах сув таъминоти" МЧЖ шаҳар бўлими ҳамкорлигида олиб борилган ишлар натижасида 2-болалар мусиқа ва санъат мактабига янги тармоқ тортилди ва мактаб ичимлик суви билан таъминланди.

ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИДАГИ

МУАММОЛАР БАРТАРАФ

ЭТИЛДИ

Шаҳарнинг "Наврўз" маҳалласи Боғзор кўчасида яшовчи Ином Абдусаттаровнинг кўчага тунги ёритиш чироқлари ўрнатиб берилиши тўғрисидаги мурожаатига асосан, Халқ қабулхонаси шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги "Нур" бўлими билан ҳамкорликда Боғзор ва Наврўз кўчаларига 12 дона янги намунадаги тунги ёритиш чироқлари ўрнатиб берди.

Амир Темур МФЙ, Асаларичилар кўчасидаги янги ҳовлида яшовчи Ҳикматулло Пирманов ҳам электр таъминотидаги муаммо билан мурожаат йўллаган эди. У 4-сектор раҳбарининг сайёр қабулида Асал-аричилар кўчасидаги янги участкаларга ўрнатилган электр трансформатори ҳозирги кунда аҳоли сони кўпайганлиги сабабли етарли қувват етказиб бера олмаётгани, бугунги кунда яшаётган хонадонлар сонини инобатга олиб, қўшимча юқори кучланишдаги трансформатор ўрнатилишида амалий ёрдам сўраган. Ушбу мурожаат Халқ қабулхонаси томонидан назоратга олиниб Асаларичилар кўчасига 1 дона 160 кВ кувватдаги трансформатор ўрнатилди ва 0.3 километрга 10 кВ ва 1.5 километрга 0.4 кВ ҳаво тармоғи тортилиб келинди.

ЭНГ МУҲИМИ -

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ

Амир Темур маҳалласидаги янги участкада яшовчи Замира Шержанова кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар рўйхатида туради. Аёл соғлиғини тиклаши учун жарроҳлик амалиётини ўтказишга муҳтожлик сезади. Шу сабабли амалий ёрдам берилишини сўраб Халқ қабулхонасига мурожаат қилади.

З. Шержанова шаҳар Халқ қабулхонасининг ёрдами билан вилоят перинатал марказига йўлланмага эга бўлади. Касалхонада 10 кун мобайнида муолажаларни олиб жарроҳлик операциясидан сўнг даволаниб чиқади.

Халқ қабулхонасига айрим муаммоли масалалар юзасидан тушган мурожаатлар катта маблағ ҳамда муддат талаб қилганлиги сабабли шаҳар, вилоят, республика даражасида ҳал этилиши ўрганилиб, қисқа муддатли "Йўл хариталари"га киритилиб борилмоқда.

"Обод маҳалла" давлат дастури доирасида ҳам шаҳримизда аҳолини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган тизимли муаммолар ўз ечимини топиб келаётганлигидан халқимиз миннатдор.

 

Илҳом ҲАЗРАТҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

Жиззах шаҳридаги Халқ

қабулхонаси раҳбари


Авторизация