ВЕНГРИЯ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ТАШРИФИ

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Венгрия давлат котибининг инновациялар бўйича ўринбосари Ласло Бодиш бошчилигидаги делегацияни  қабул қилди.

Вилоят раҳбари музокаралар давомида ҳудудларда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, вилоятнинг асосий драйвер соҳалари бўлган автомобилсозлик, текстиль, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти ҳамда ижтимоий соҳани  ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида гапирди.

Дарвоқе, бугунги кунда  Жиззах вилояти Венгрия  билан савдо-иқтисодий ҳамкорликлар соҳасида кўплаб ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, 2021 йилнинг май ойида Венгрия давлати делегацияси вилоятга ташриф буюрганди. Ташриф давомида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ижтимоий соҳаларда тажриба алмашинувини ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказилган.

2022 йилнинг октябрь ойида эса жиззахлик ишбилармонлар доираси Венгрияда бўлиб, у ердаги тадбиркорлар билан умумий қиймати 19,5 млн. долларлик 8 та савдо ва инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувларга эришган.

2023 йилнинг 26 октябрь санасида Жиззах  вилояти ҳокимлиги Дьёр-Мосон-Шопрон (Венгрия) вилояти раҳбарияти билан ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказди. 

Бугунги делегация ташрифини ҳам ана шу манфаатли ва ишончли ҳамкорликнинг мантиқий давоми дейиш мумкин.

Ўз ўрнида Венгрия делагацияси раҳбари Ласло Бодиш қабул учун вилоят ҳокимига алоҳида миннатдорлик билдириб,  икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни юқори баҳолади. Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда Венгриянинг Обуда университети ўртасида юқори технологиялар соҳасида қўшимча инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама музокаралар, тақдимотлар  бўлиб ўтди.

Обуда университети ректори, профессор Левенте Ковач инновация ва илм-фанда эришилган ютуқлар ва бу йўналишда  Венгрия тажрибасини оммалаштириш, Жиззах вилоятидаги қатор  лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Турин политехника университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Олимжон Тўйчиев, Тошкент кимё-технология институти ректори, техника фанлари доктори, профессор Ботир Усмоновлар меҳмонларга Ўзбекистонда инно технопаркларни ташкил қилиш, олий ўқув юртлари ва ишлаб чиқаришдаги ҳамкорликлар тўғрисида маълумот бердилар.

Вилоят ҳокими ҳамроҳлигида Венгриядан ташриф буюрган меҳмонлар Жиззах эркин иқтисодий зонасидаги йирик ишлаб чиқариш объектлари, BYD Uzbekistan Factory автобомиль заводи, “Deya” бренди остида маҳсулот ишлаб чиқараётган қандолат фабрикаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ташриф давомида меҳмонлар Жиззах шаҳридаги Президент мактаби, “Inno” инновацион ўқув ишлаб чиқариш технопаркини ҳам кўздан кечиришди.

 Саид Донишев


Авторизация